Қозоғистондаги зўравонликда яна бир одам қурбон бўлди

Қозоғистондан олинган хабарларга кўра, мамлакат ғарбида жойлашган Манғистау вилоятида яна зўравонлик рўй бергани оқибатида бир киши нобуд бўлган, 11 нафари яраланган.

Жанаозен шаҳридаги давлатга қарашли нефт заводидан ҳайдалган ишчилар ва полиция ходимлари ўртасида жума куни рўй берган тўқнашувда камида 11 киши нобуд бўлган эди.

17 декабр кунги воқеа бўйича прокуратура эълон қилган баёнотда Шетпе қишлоғидаги зўравон намойишчиларни тарқатиш учун полиция қурол ишлатгани маълум қилинган.

Мустақил манбалар томонидан тасдиқлашнинг имкони бўлмаган баёнотда билдирилишича, Шетпе қишлоғида намойишчилар темир йўл линиясини тўсиб қўйган ва 50га яқин одам локомотивга ўт қўйган.
Намойишчилар янги йил арчасини ёндириб ойналарни синдирган.

Баёнотда “безорилар” деб аталган бу гуруҳ фуқаролар ва полиция хавфсизлигига тахдид солгани учун полиция ходимлари уларга қарши қурол ишлатишга мажбур бўлгани таъкидланган.

Ҳужжатда ўқдан яраланган 12 киши касалхонага олиб борилгани ва улардан бири касалхонада жон бергани маълум қилинган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Манғистаудаги вазиятни ўнглаш учун 17 декабр куни Жанаўзен шаҳрида 20 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди.