Туркия Франциянинг янги қонун лойиҳасини танқид қилди

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Биринчи жаҳон урушида арманлар ўлдирилганини инкор қилиш жиноят деб қабул қилинишини назарда тутган Франциянинг янги қонун лойиҳасини кескин танқид қилди.

Эрдўғон Туркия бунга қарши “бор дипломатик восита орқали жавоб қайтариши”ни таъкидлади.

Мазкур қонун лойиҳаси 22 декабр куни Франция парламентида муҳокамага қўйилиши режаланган.

Туркия Бош вазири Франция ўзининг Жазоир ва Руандадаги “ифлос ва қонли тарихини” ўрганиб чиқиши кераклигини қўшимча қилди.

Тарихчилар тахминига кўра, Усмонли империя парчаланганида турклар бир ярим миллионча арманни ўлдирган.

2001 йилда Франция бу воқеани геноцид деб тан олган. Туркия раҳбарлари рақамлар бўрттирилганини таъкидлаб, воқеанинг “геноцид” деб талқин қилинишига қарши бўлиб келмоқда.