Жанаўзендаги ҳодисаларни текширишга БМТ экспертлари ҳам чақирилди

Қозоғистон БМТ эскпертларини мамлакат ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида юз берган оммавий тартибсизликлар юзасидан ўтказилажак текширувда қатнашишга чақирган.

Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси матбуот хизмати пайшанба куни маълум қилди.

Жанаўзен шаҳрида, расмийлар хабарига кўра,16 декабрда полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувларда 15 киши ҳалок бўлган, 80дан ортиқ одам яраланган эди.

Мустақил манбалар эса бу соннинг анча кўпроқ экани, ҳозиргача одамлар бедарак қолишаётганини айтишади.

Жанаўзенлик нефтчилар етти ойдан буён маошларини оширилишини талаб қилиб, шаҳар марказида норозилик намойишини ўтказиб келишаётганди.

Полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар чоғида ўнлаб ҳукумат бинолари ёқиб юборилган.