Тимошенко устидан чиқарилган ҳукм ўз кучида қолди

Суратда: Киев шаҳар судида Тимошенко устидан 11 октябр куни ўтказилган суд мажлисидан бир кўриниш.

Киев шаҳар апелляция суди Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко устидан “Газ иши” бўйича чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Дастлабки инстанция суди устидан киритилган шикоят судланувчи ва унинг адвокати иштирокисиз кўриб чиқилди.

Тимошенко ва унинг адвокати суд мажлисининг адолатли ўтказилишига шубҳалари кучли бўлгани учун жараёнда иштирок қилишдан бош тортган эдилар.

Юлия Тимошенко бош вазир лавозимини эгаллаб турган даврда Россия билан газ бўйича шартнома тузар экан, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбдор, деб топилиб, шу йил октябр ойида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Тимошенконинг ўзи ва унинг тарафдорлари чиқарилган ҳукм ортида сиёсий сабаблар мавжуд, деб ҳисобламоқдалар.