БМТ Ироқ билан эронлик қочқинлар бўйича келишиб олди

БМТ Ироқ ҳукумати билан мамлакат шимоли-шарқида йиллар давомида яшаб келган эронлик бир гуруҳ муҳожирларни бошқа жойга кўчиришга оид келишув имзолади.

Эълон қилинган баёнотга кўра, Ироқ ҳукумати муҳожирларни вақтинча бошқа жойга кўчиради. Ундан кейин эса БМТ қочқинлар идораси эронликларнинг қочқинлик мақомини аниқлаб, уларни бошқа мамлакатга кўчириш масаласини ҳал қилади.

Ироқ шимоли-шарқидаги Ашраф лагерида узоқ йиллардан бери Эрон режимига қарши бўлган 3400 га яқин эронлик яшаб келган. Ироқнинг собиқ диктатори Саддам Ҳусайн 1980 йиллардаги Эрон билан уруш пайтида эронлик Халқ Мужоҳидлари гуруҳига бу лагерни ташкил қилишга рухсат берган.