Ҳомсдаги тўқнашувларда 20 киши ҳалок бўлди

Бугун Суриянинг Ҳомс шаҳрида ҳукумат кучлари билан тўқнашувлар оқибатида камида 20 киши ўлди.

Бу ҳақда суриялик ҳуқуқ фаоллари хабар қилди.

Бу воқеа Араб давлатлари Лигаси томонидан жўнатилган 50 кишидан иборат халқаро кузатувчиларнинг биринчи гуруҳи Сурияга етиб борган куни содир этилди.

Сурия мухолифатининг миллий кенгаши кузатувчиларни бугуннинг ўзидаёқ Ҳомсга боришга чақирди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари маркази вакиллари халқаро кузатувчилар "қотилликларни тўхтатишлари шарт"лигини айтмоқдалар.

Ғарб давлатлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари президент Башар ал-Ассадни зўравонликларда айбдор санаб келади.

Ассад режими эса тартибсизликлар ортида қуролли террорчилар турганини иддао қилиб келмоқда.

Сурияга Араб лигаси томонидан жами 150 кузатувчи бориши режалаштирилган.

Сурия президенти Башар Асад режимига қарши 9 ойдан буён давом этаётган норозилик чиқишлари иштирокчиларига қарши куч қўлланиши оқибатида, БМТ ҳисоб-китобича, 5 мингдан зиёд киши ўлдирилди.