Покистон бош вазири ҳарбийларни ишдан бўшатмаслигини айтмоқда

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний армия ва разведка хизматининг қудратли раҳбарларини ишдан олиш ниятлари тўғрисида маҳаллий матбуотда пайдо бўлган хабарларни инкор қилди.

Армия қўмондони генерал Ашфақ Каяний ва Равзедка хизмати бошлиғи генерал Аҳмад Шужа Пашанинг ишдан олиниши тўғрисидаги хабарлар фуқаровий сиёсатчилар ва ҳарбийлар ўртасидаги ички курашнинг янги босқичга ўтиши мумкинлигини англатиши айтилмоқда.

Ғилоний мухбирлар билан мулоқоти чоғида бу ҳақдаги гап-сўзлар “қуруқ гапдир”, дея таъкидлади. Ғилоний генерал Каянийни демократия тарафдори, дея атаб, мамлакат уруш гирдобида қолаётган бир пайтда уни ишдан четлатиш ниятида эмаслигини таъкидлади.

Ҳукумат ўтган йилил Каянийнинг қўмондонлик ваколатини 2013 йилгача узайтирган эди. Пашанинг ваколати эса 2012 йилнинг март ойигача узайтирилган.