Қозоғистонда амнистия эълон қилинди

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилди.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, 16187 маҳбус авф этилади. Улардан 2142 нафари озодликка чиқарилади, бошқаларининг жазо муддатлари қисқартирилади.

Бу мустақил Қозоғистон тарихидаги еттинчи амнистия бўлиб, сўнгги бор 2006 йил январида Мустақиллик байрами муносабати билан амнистия эълон қилинган эди.

"Новости-Казахстан" агентлиги маълумотига кўра, бугунги кунда Қозоғистон қамоқхоналарида 55 мингдан зиёд маҳбус сақланмоқда.