Сурияда зўравонликлар давом этмоқда

Бугун Сурияда ҳукумат кучлари билан намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар пайти саккиз киши ҳалок бўлди.

Бу ҳақда хабар қилган қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари маркази вакилларига кўра, Араб Лигаси кузатувчиларининг Сурияда эканига қарамай, мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида зўравонликлар давом этмоқда.

Араб Лигаси томонида жўнатилган 50 кишидан иборат кузатувчилар гуруҳи аскил-ҳукумат чиқишлари маркази бўлиб қолаётган Ҳомс шаҳрида бўлди.

Бугун эса кузатувчилар бир неча гуруҳларга бўлиниб, Ҳама, Идлиб ва Дараа шаҳарларида бўлди.

Кузатувчилар гуруҳи раҳбари, суданлик генерал Мустафо ал-Дабийга кўра, Суриядаги вазият бўйича якуний баҳони бериш учун кузатувчиларга маълум вақт керак бўлади.

Ғарб давлатлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари президент Башар ал-Ассадни зўравонликларда айбдор санаб келади.

Ассад режими эса тартибсизликлар ортида қуролли террорчилар турганини иддао қилиб келмоқда.

Сурияга Араб лигаси томонидан жами 150 кузатувчи бориши режалаштирилган.

Сурия президенти Башар Асад режимига қарши 9 ойдан буён давом этаётган норозилик чиқишлари иштирокчиларига қарши куч қўлланиши оқибатида, БМТ ҳисоб-китобича, 5 мингдан зиёд киши ўлдирилди.