Эрон ядровий реакторида янги мослама синовдан ўтди

Эрон олимлари Теҳрондаги ядровий реакторда уран билан ишловчи илк стерженни муваффақиятли равишда синовдан ўтказди.

Эрондаги уран бўйича тадқиқотларга бош ташкилотнинг расмий вебсайтида айтилишича, уран ёқилғиси билан ишлайдиган янги мослама Теҳрон ядровий тадқиқотлар реактори ичига жойлаштирилган.

Эрон раҳбарияти ўтган ойда Теҳрон реакторида мамлакатда ишлаб чиқарилган уран ёқилғисидан фойдаланиш имкони синаб кўрилишидан огоҳлантирган эди.

Теҳрондаги реактор учун 20 фоизга тўйинтирилган уран ёқилғиси зарур ва бу Россия билан ҳамкорликда ишга туширилган Бушеҳр реакторидагидан бир неча баробарга юқоридир.

Ғарб давлатлари уранни бойитиш борасида Теҳронда олиб борилаётган тадқиқотлар ортидаги асл мақсад уранни бойитиш даражасини 90 фоизга кўтариш, кейин эса ядровий бомбани яратишдир, деган хавотирда.

Расмий Теҳрон эса бу айбловларни йиллардан буён рад этиб келмоқда.

Шунингдек, бугун Эронда ўрта радиусда учувчи "ер-фазо" русумидаги янги ракета ҳам муваффақиятли синовдан ўтказилди.

Эрон расмийлари бу ракетага "маҳаллий тарзда дизайн берилган ва қурилган" илк ракета, деб таъриф берди.