Жанубий Корея Шимолий Корея билан мулоқот умидида

Жанубий Корея президенти Ли Мюнг Бак раҳбари алмашган Шимолий Корея билан алоқаларни яхшилаш имконларига умид қилишда давом этишини билдирди.

Янги йил муносабати билан сўзлаган табрик нутқида Ли Мюнг Бак ўз давлати Корея ярим оролида тинчлик ва бақарорликка эришиш ниятида "имконлар дарчасини ҳамиша очиқ қолдириши" ҳақида сўзлади.

У ҳозирда Ким Чен Ин раҳбарлигига ўтган Шимолий Корея ҳукуматини ўзаро ҳурматни сақлашга чақирар экан, агар провокация қиладиган бўлса бунга Жанубий Корея жавоби кескин бўлишидан ҳам огоҳлантирди.

- Агар Шимолий Корея ҳурмат билан мулоқотга киришса, биз Корея ярим оролида тинчлик учун янги давр бошлашга қодир бўламиз. Мулоқот йўли билан биз ўзаро ишончсизликдан қутулишимиз ва ёнма-ён мавжудлик ҳамда фаровонлик томон илгарилашимиз мумкин, - деди Жанубий Корея раҳбари.

Шунингдек, Ли Мюнг Бак Шимолий Кореяни ядровий дастурларни музлатишга ҳам чақирди.

Шимолий Кореянинг янги раҳбар бошчилигидаги ҳукумати эса бундан бироз муқаддам берган баёнотида Жанубий Корея раҳбарини корейс миллатининг хоини ва АҚШнинг қўғирчоғи, деб атаган эди.