Шинжонда қирғиз фуқароси ўлимга ҳукм этилди

Хитой ҳукмронлигидаги Шарқий Туркистоннинг Урумчи шаҳрида наркотиклар контрабандасида айбланган Қирғизистон фуқароси ўлимга ҳукм этилди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Урумчидаги ваколатхонаси ходими Озод Эркабоевнинг Озодликка билдиришича¸ ҳозирча ўлим ҳукмининг қачон ижро этилиши ҳақида маълумот йўқ.

Қирғиз дипломатига кўра¸ ҳозирда Шинжон мухтор ўлкаси ҳибсхоналарида 15 нафар Қирғизистон фуқароси сақланмоқда¸ тутқунларнинг 12 таси устидан суд ҳукм чиқарган¸ уч нафари эса¸ ҳукмни кутмоқда.

Қамоққа ташланган қирғизистонликларнинг аксарияти Хитойда ўлим жазосига лойиқ жиноят деб белгиланган наркотиклар контрабандаси ва савдоси билан боғлиқ жиноятларда айбланган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра¸ ҳозирда 1500 дан ошиқ қирғизистонлик 200 мингга яқин этник қирғиз яшовчи Шинжонда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.