Теҳрон АҚШ ҳарбийлари эронлик денгизчиларни қутқарганини олқишлади

Қароқчилар тутқунидан озод бўлган Эроннинг "Ал Молай" кемаси экипажа АҚШ ҳарбийларига миннатдорлик билдирмоқда. 5 январ, 2012 йил.

Теҳрон қароқчилар қўлга олган балиқчи кемадаги 13 нафар эронлик АҚШ денгиз кучлари томонидан қутқариб олинганини “гуманитар акт” деб олқишлади.

Эроннинг араб тилидаги Ал-Алам телеканали орқали чиқиш қилган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рамин Меҳмонпараст, “эронлик денгизчилар АҚШ кучлари томонидан қутқарилганини гуманитар, ижобий воқеа деб бахолаймиз ва уни олқишлаймиз”, деди.

АҚШ ҳарбийларига кўра, USS Kidd номли жанговор кема сомалилик қароқчилар қўлида 45 кун тутқунликда сақланган эронлик балиқчиларни пайшанба куни озод қилган.

USS Kidd Эрон ҳарбийлари Форс кўрфазига келишига қарши бўлаётган АҚШнинг бортида самолётлар бўлган кемани қўриқлаётган кемалардан бири.