Ромнини партиядошлари аёвсиз танқид қилди

АҚШ президентлигига номзод Митт Ромни турмуш ўртоғи Анна билан

Жорий йил ноябрида бўлиб ўтадиган сайловда президентликка АҚШнинг Республикачилар партиясидан номзод сифатида иштирок этишга интилаётганлар сешанба куни Ню Хемпшир штатида ўтказиладиган дастлабки танлов (праймериз) олдидан сўнгги телемунозараларни ўтказдилар.

Якшанба кунги мунозаралар чоғида республикачилар орасидан кўрсатилаётган номзодлардан энг кучлиси ҳисобланаётган Массачусетс штати собиқ губернатори Митт Ромни аёвсиз танқид қилинди.

Ўтган ҳафтада Айова штатида ўтказилган праймеризда Митт Ромни ҳарифидан катта бўлмаган фарқ билан ғалаба қозонди. Собиқ сенатор Рик Санторум Ромни билан деярли бир хил овоз олди.

АҚШ президентлигига номзод бўлиш учун 6 сиёсатчи курашга тушган. Республикачилар партиясидан президентликка ягона номзод ким бўлиши партиянинг ёзда ўтажак қурултойида маълум бўлади ва у Демократлар партияси номзоди, амалдаги президент Барак Обамага ҳариф бўлади.