Назарбоев Жанаўзенда сайловни қолдириш қарорига вето қўйди

Бугун Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Жанаўзенда парламент сайловларини ўтказмаслик тўғрисидаги қарорга вето қўйди.

Расмий Остона баёнотида айтилишича, Назарбоев Конституциявий кенгашнинг тартибсизликлар рўй берган Жанаўзен шаҳрида сайловларни қолдириш тўғрисидаги қарори фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилиши мумкинлигини таъкидлаган.

6 январ куни Қозоғистон Конституциявий кенгаши Жанаўзенда фавқулодда ҳолат давом этаётгани боис, сайловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 15 январга белгиланган парламент сайловини шаҳарда ўтказишни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

16 декабр куни Қозоғистон ғарбидаги Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳри марказида полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувда, расмий маълумотларга кўра, 16 одам ҳалок бўлган.

Жанаўзенлик нефтчилар етти ойдан буён маошларини оширилишини талаб қилиб, шаҳар марказида норозилик намойишини ўтказиб келаётган эди.