Покистонда "Америка овози" мухбири ўлдирилди

Покистон шимолий-шарқида "Америка овози" радиоси билан ҳамкорлик қилиб келган журналист Мукаррам Хон Отиф сешанба куни номаълум шахслар тарафидан отиб кетилган.

Журналист Шабқадар шаҳридаги ўз уйи яқинидаги масжид яқинида ҳужумга учраган.

Маҳаллий полицияга кўра, икки номаълум шахс мотоциклда келиб, ўқ отар қурол билан Отифни бошига қарата ўқ узган ва тезда яширинган.

Журналист оғир аҳволда касалхонага ётқизилган ва кўп ўтмай жон берган.

Мазкур ҳужумга жавобгарликни маҳаллий Толибон гуруҳи зиммасига олди.

Толиблар журналист ўлимидан олдин унинг фош этувчи мақолалари қандай оқибатларга олиб келиши ҳақда уни бир неча бор огоҳлантирганликларини билдирганлар.