Costa Concordia қурбонлари сони 11 кишига етди

Жума куни Италиянинг ғарбий қирғоқларида тошга урилиб чўккан Costa Concordia кемаси бортида қутқарувчилар яна беш одам жасадини топишди.

Шундай қилиб, ҳалокат оқибатида нобуд бўлганлар сони 11 кишига етди. 24 одам бедарак кетган, деб ҳисобланмоқда.

Costa Concordia кемаси Италиянинг Тоскана ҳудудидаги Жилио ороли қирғоқларидан бир неча метр узоқликда бир ёнга ағаниб ётибди.

Кема капитани Франческо Скеттино ҳибсга олинган.

Costa Concordia бортида ҳаммаси бўлиб 4200 йўловчи бўлган.

Ҳозирда ҳалокатдан омон қолган 70 дан ортиқ йўловчи кема эгаси бўлган Costa Crociere ширкатини судга бермоқчи.

Улар ўзларига етказилган ҳам маънавий, ҳам моддий зарарни қоплаш учун жон бошига 10 минг евро маблағ ундириш аҳдидалар.

Costa Crociere президенти Жианни Онорато ўз ширкати мазкур фожеа сабабларини аниқлаш учун Италия ҳукумати билан ҳамкорликда иш олиб бораётганини айтган.