Путин: Мухолифат билан мулоқотга тайёрман

Россия бош вазири Владимир Путин чоршанба куни мамлакат оммавий ахборот воситалари раҳбарлари билан учрашувда мухолифат билан мулоқотга тайёр эканини билдирди.

Путинга кўра, мухолифатчиларнинг ўзлари мунозарадан қочишмоқда.

- Улар: "Мулоқот хоҳлаймиз, ҳукумат овозимизни эшитмаяпти", дейишади. Биз уларни таклиф қилгандик, лекин улар келишмади. "Улар ўзи нимани хоҳлаяпти?" деган савол мени ўйлантиради. Улар "мулоқот йўқ" дейишни хоҳлашаяптими ёки улар мулоқот қилишни хоҳлашмаяптими? - дея савол ташлади Путин.

Россия бош вазири, шунингдек, президентлик сайловларида имкон қадар кўпроқ шаффофлик тарафдори эканини қайд этди.

Россияда президентлик сайлови 4 мартда ўтказилади.