Москва мигрантлари фашистларга қарши юришга даъват этилмоқда

19 январ куни Москвада адвокат Станислав Маркелов ва “Новая газета” мухбири Анастасия Бабурованинг фашистлар томонидан отиб ўлдирилгани 3 йиллиги хотирасига антифашистлар оммавий намойиши бўлиб ўтади.

“Комитет 19” ташкилотига бирлашган намойиш ташаббусчилари 19 январ пайшанба куни Никитский бульваридан Новопушкино скверигача соат 19:30 дан 22 гача давом этадиган оммавий юриши режалаштирди.

“Комитет 19” ташкилотининг қатор намояндалари бу тадбирга марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларини ҳам жалб қилмоқда. Озодлик Радиосининг қирғиз хизмати мухбири Аида Қосималиева мигрантлар одатда бундай тадбирлардан ўзоқроқ юришга, “сиёсатга аралашмасликка” ҳаракат қилишларини айтади.

- Афсуски, Россиядаги турли миллий уюшмалар, жумладан қирғиз ташкилотлари бундай сиёсий акцияларда иштирок этишдан чўчийди. Уларнинг бундай муносабатини ичкаридан ўзгартириш керак, деб ҳисоблаймиз. Энг асосийси, мигрантлар ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишлари керак! – дейди Озодликка журналист Аида Қосималиева.

Юриш иштирокчилари Россияда авж олган нацизм, фашизм, миллий нифоқ ва диний адоватга қарши эканликларини айтмоқда.