Радикал мусулмонлар таҳдиди боис Салмон Рушдий Ҳиндистонга бормади

Салмон Рушдийнинг Ҳиндистонга келишига қарши ўтказилган норозилик тадбирида Рушдийни яна шайтонга чиқаришди.

Британиялик машҳур ëзувчи Салмон Рушдий Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида ўтказилаëтган адабиëт фестивалига радикал мусулмонлар норозилиги боис бормасликка қарор қилганини билдирди.

Twitter ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида Рушдий¸ Ҳиндистон сафари муносабати билан ўз ҳаëтига турли таҳдидлар бўлганини ëзди.

Ҳиндистондаги қатор исломий гуруҳлар Жайпурда бугун бошланган халқаро адабиëт фестивалига таклиф этилган Рушдийни мамлакатга қўймаслик талаби билан ҳукуматга мурожаат қилди¸ бу таклифга қарши норозилик тадбирлари ўтказди.

80-йилларда чоп этилган “Шайтон оятлари” китоби ортидан Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Ҳумайний Ҳиндистонда туғилган Салмон Рушдийни Исломни таҳқирлаганликда айблаб¸ уни ўлдириш ҳақида фатво берган эди.

Ўшандан бери ëзувчи ўз ҳаëтига таҳдид боис¸ махсус қўриқчилар қуршовида яшаб келмоқда.