Гроссман: АҚШ толиблар билан музокараларни қўллаб-қувватлайди

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили М.Гроссман.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Марк Гроссман Вашингтон Толибон ҳаракати билан тинчлик музокаралари олиб борилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Кобулга келганидан кейин эълон қилинган баёнотда Гроссман “Қўшма Штатлар Афғонистондаги можарога барҳам бериш ва афғонлараро ярашув жараёнини қўлдан келганича қўллаб-қувватлашга тайёр экани”ни билдирган.

Гроссманнинг Кобулга ташрифи Толибон ҳаракати ўн йиллик урушга чек қўйиш борасида Вашингтон билан музокара бошлашдан олдин Қатарда ўзининг сиёсий ваколатхонасини очишни режалаётганини эълон қилганидан бир неча ҳафта ўтиб амалга ошмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Гроссманни Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай билан айни масала юзасидан сўзлашув олиб бориш учун Кобулга жўнатган.

Хабарларга кўра, Карзай толиблар билан музокаралардан четда қолиши мумкинлигидан хавотир билдирган.