Тошкентдаги "Алгоритм" заводи таъмирдан чиқмоқда

Тошкентдаги йирик заводлардан бири бўлган "Алгоритм" биносининг таъмири якунига етмоқда.

1982 йилда қурилган завод собиқ СССРнинг ҳарбий-техника саноати учун радиотехника ишлаб чиқаришга ихтисослашган улкан, ишлаб чиқариш қуввати юқори бўлган заводлардан бири эди.

Ўзбекистонга оид ярим расмий Anons.uz нашрининг хабар қилишича, 23 ярим гектар майдонни эгаллаган заводда айни кезда электр энергияси учун ҳисоблагичлар, давлат рақамлари белгилари ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати "Фотон" ва "Кварк" заводлари жамғармаларидан унумли фойдаланиш ҳамда бу заводлар базасини модернизация қилиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Ушбу қарорга мувофиқ, яқин келажакда собиқ иттифоқ давридаги улкан ишлаб чиқариш бирлашмаси бўлган ҳар икки иншоот "Фотон" очиқ акциядорлик жамияти қошида бирлашиши ҳамда 23 ярим гектарлик "Алгоритм" заводи ҳудудига кўчирилиши режалаштирилган.