Франциянинг Арман геноциди ҳақидаги қонунни қабул қилиши Туркия танқидига учради

Истамбулдаги Франция элчихонаси олдида "Геноцид елғон" шиорини кўтариб турган турк.

Француз сенатининг "Усмонли султонлиги даврида армани қатлиомини инкор қилганларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши" ҳақидаги қонун лойиҳасини тасдиқлаши Туркия тарафидан ғазаб билан қабул қилинди.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баëнотида Франция сенати мақуллаган ҳужжат “Масулиятсизлик намунаси” деб аталган.

Баëнотда расмий Анқара ҳеч иккиланмасдан жавоб тадбирларини амалга ошириши таъкидланди.

Бундай жавоб чоралар жумласига Франциядан элчиларини чақириб олиш ва Туркиядаги француз ишбилармонларига қўшимча тўсиқларни яратиш киради.

Арман геноциди ҳақидаги Франция қонуни, президент Николя Саркози имзо чекканидан кейин кучга киради.

Бу қонун кучга кирганидан кейин Усмонли султонлиги даврида армани қатлиомини инкор қилган Франция фуқаролари бир йил озодликдан маҳрум қилиниши ëки 45 минг евро жаримага тортилиши мумкин.

Туркия 1915 йилда юз берган ҳодисаларни Усмонли султонлигининг арманиларни йўқ қилишга қаратилган сиёсати эмас, балки уруш оқибати деб билади.

Франция президенти Николя Саркози Туркия Бош вазирига мактуб йўллаб, қонун бирор мамлакатга қарши қаратилмаганини қайд этган.

Францияда ярим миллионга яқин армани истиқомат қилади.

Президентлик сайлови арафасида бундай қонунниг қабул қилиниши Николя Саркози учун арман диаспораси овозларини қозониш учун муҳимлиги айтилади.