Элчи Кролл: АҚШда ўзбеклар йил сайин кўпаймоқда

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Кролл.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Кролл Қўшма Штатлардаги ўзбеклар йил сайин кўпайиб бораётганини ҳазил қилиб “ўзбеклар босқини” дея атади.

26 январ куни ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган элчи АҚШнинг турли штатларида ҳар ойда ўзбекча кафе ва ресторанлар очилаётганини айтиб, “биз буни олқишлаймиз”, деди.

Элчи Кролл ўзбеклар АҚШга нафақат маданий ва талабалар алмашинуви дастурлари доирасида балки ўзлари ҳам бораётганини қўшимча қилди.

Айни пайтда, Жорж Кролл АҚШдан Ўзбекистонга келаётган туристлар сони кам эканини таъкидлади.

Элчи буни америкаликлар Ўзбекистон ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги билан изоҳлади.

Расмий маълумотларга кўра, биргина 2011 йилги “Грин-карта” лотореясида 4800 га яқин Ўзбекистон фуқароси ғолиб чиқиб, АҚШга доимий яшаш учун кўчиб кетган.

"Туркистон-Америка" уюшмаси маълумотига кўра, бугунги кунда АҚШда 50 мингдан зиёд ўзбекистонлик яшамоқда.