Марказий ва Шарқий Европада ўнлаб одам совуқдан ўлди

Марказий ва Шарқий Европада давом этаётган қаҳратон совуқ оқибатида 70дан ортиқ одам нобуд бўлди.

Украинада ўттизга яқин ва Полшада йигирмага яқин одам, асосан, уйсизлар қалин қор ёққани ва совуқдан қотиб ўлди.

Болгария, Литва, Руминия, Сербия ва Чехияда ҳам одамлар совуқдан нобуд бўлгани хабар қилинди.

Марказий ва Шарқий Европанинг айрим минтақаларида ҳаво харорати -20, -25 даражагача пасайди.

Синоптиклар маълумотига кўра, совуқ об-ҳаво яна камида бир ҳафта сақланиб туради.