Миср: Футбол ишқибозларининг оммавий тўқнашувида 74 киши ўлди

Мисрнинг Порт Саид шаҳрида чоршанба куни бўлиб ўтган футбол ўйинидан кейин рўй берган оммавий тўқнашувларда камида 74 киши нобуд бўлди.

Миср телевидениеси воқеада бир мингдан ортиқ одам жароҳатланганини хабар қилди.

Юзлаб футбол ишқибозлари ўртасидаги шавқатсиз тўқнашув маҳаллий Ал-Масри футбол жамоаси Қоҳиранинг Ал-Аҳли жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган ўйин тугаши билан стадионда бошланиб кетган.

Миср расмийларига кўра, қурбонларнинг аксари бошига кучли зарба берилганидан, пичоқ зарбидан оғир жароҳат етказилганидан ва тиқилинч пайтида нафаси қайтиши оқибатида ўлган.

Порт Саид шаҳрида юзлаб футбол ишқибозлари ўртасида оммавий тўқнашувлар содир бўлганидан кейин Миср расмийлари Қоҳира шаҳрида бошқа жамоалар ўртасидаги ўйини ўтказилишига рухсат бермади.

Бундан ғазабланган футбол ишқибозлари эса стадион трибунасидаги ўриндиқларнинг бир қисмини ёқиб юборди.

Давлат телевидениеси Миср Футбол федерацияси олий лига жамоалари ўртасидаги барча ўйинларни номаълум муддатга қолдирганини хабар қилди.