Клинтон Болгарияни Россияга тобеъликдан қутилишга чақирди

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Болгария ҳукуматини нефт ва газ сотиб олиш соҳасини диверсификация қилиб, энергия масаласида Россияга тобеъликдан қутулишга чақирди.

Болгари Бош вазири Бойко Борисов билан учрашувдан кейин сўзлаган Клинтон Қўшма Штатлар Софиянинг энергия хавфсизлигини таъминлашда ҳамкорлик таклиф қилиши ва Американинг қатор ширкатлари бунда ёрдам беришга тайёр эканини баён қилди.

У келаси ҳафта АҚШнинг Евроосиё энергия масалалари бўйича махсус вакили Софияга келиб, Болгария расмийлари билан бу ҳақда сўзлашувлар ўтказишини маълум қилди.

Қўшма Штатлар кўпдан бери Европага Россияни айланиб ўтувчи муқобил газ йўналишлари ғоясини қўллаб-қувватлаб келади.

Болгария ёқадиган газни деярли тўлалигича Россиядан сотиб олади.