АҚШ ва Британия Суриядаги дипломатларини чақиртириб олди

Қўшма Штатлар Суриядаги дипломатларини олиб чиқаётганини маълум қилди. Сурияда зўравонликлар авж олиши сабабидан Британия ҳам ўз элчисини маслаҳатлашувлар учун чақиртириб олганини айтмоқда.

АҚШ Давлат департаменти президент Башар ал-Ассад ҳукумати Дамашқдаги АҚШ элчихонаси хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтирмаса, уни ёпишидан огоҳлантирди. Қўшма Штатлар ўз дипломатлари хавфсизлигидан ташвиш билдирмоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг Суриядаги элчиси орқали ал-Ассад режимининг тинч намойишчиларга қарши зўравонликлари юзасидан “таассуф” билдириш учун уни Лондонга чақритириб олганини маълум қилди.

Душанба куни Сурия хавфсизлик кучлари бир неча шаҳарларда ҳужумлар амалга ошириб, кўпаб одамларни ўлдиргани хабар қилинмоқда. Ҳомс шаҳрида уюштирилган бомбардимон оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.