БМТ Бош котиби Суриядаги ҳужумни қоралади

Алеппо шаҳрида амалга оширилган портлаш натижасида шикастланган бино, 2012 йил 10 феврал.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Суриянинг Алеппо шаҳрида амалга оширилган худкуш ҳужумни қоралади.

10 феврал кунги портлаш оқибатида 28 киши нобуд бўлди, 200дан ортиқ одам яраланди.

Бан Ки Мун ҳалок бўлганлар оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор қилди.

БМТ раҳбари Сурияда ўтган йил март ойидан бери давом этиб келаётган зўравонликларга “тинч сиёсий йўллар орқали” ечим топишга чақирди.

Президент Башар Ал-Ассад режимига қуролли қаршилик кўрсатаётган мухолифат гуруҳлари норозилигини бостириш учун Сурия армияси танклари жума куни Хомс шаҳридаги мавзеларга бостириб кирди.

Мухолифат фаолларига кўра, бу шаҳарда бир ҳафтадан бери давом этаётган тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлган.