Афғон телебошловчилари ҳижоб ўрашга мажбур

Афғонистон Маданият ва ахборот вазири маҳаллий телевидениеда ишловчи хотин-қиз бошловчиларга бошига рўмол ўраб¸ пардоз-андозни камайтириш ҳақида берилган буйруқни ҳимоя қилди.

Саид Махдум Раҳин бундай қарорнинг Кобул ҳукумати билан тинчлик музокаралари олиб бораëтган Толибон ҳаракатига хушомад тариқасида қабул қилингани ҳақидаги танқидларни рад этди.

Маданият вазирига кўра¸ Афғонистон телевидениеси бошловчилари кино актрисалари ва сериал қаҳрамонларидан фарқланиши лозим.

Жорий ҳафта Афғонистондаги барча телеканалларга тарқатилган вазирлик буйруғига кўра¸ хотин-қиз бошловчи ва мухбирлар исломий анъанага мувофиқ кийинишлари лозим бўлади.

2001 йилда мамлакатдаги Толибон режими ҳокимиятдан ағдарилганидан бери Афғонистон хотин-қизлари ўз ҳақларини қисман тиклашга муваффақ бўлган бўлса-да¸ 2014 йилда НАТО қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг уларнинг тақдири нима бўлиши мавҳумлигича қолмоқда.