Ҳусни Муборак устидан ҳукм 2 июн куни чиқарилади

Миср экс-президенти Ҳусни Муборак устидан суд ҳукми 2 июн куни чиқарилади.
Бу ҳақда собиқ президент устидан ўтказилаётган суд жараёнининг чоршанба кунги мажлисида судья эълон қилди.

Ҳокимиятдан бир йил муқаддам четлатилган Ҳусни Муборак устидан судлов бошланганига 7 ой бўлди.

Миср экс-президенти ўтган йилги оммавий намойишлар чоғида 800 кишининг ўлдирилишига алоқадорликда айбланмоқда. Ўша намойишлар оқибатида мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган Муборак истеъфо беришга мажбур бўлган эди.

Айбловчилар 83 ёшли Муборакка ўлим жазоси тайинлашни талаб қилмоқда. Экс-президент билан бирга унга яқин яна 7 собиқ юқори лавозимли амалдор судланмоқда.

Мазкур судловдан ташқари Муборак ва унинг икки ўғлига яна бир айблов эълон қилинган. Коррупция билан боғлиқ бу жиноят иши алоҳида кўрилмоқда.