Нефт нархи яна қимматлади

Эроннинг Нека нефт терминали.

Эроннинг ядровий дастури атрофидаги мунозаралар сабабли Яқин Шарқда вазият кескинлашгани боис нефт нархи 24 феврал куни сўнгги тўққиз ойдаги энг юқори даражага кўтарилди.

Осиё биржаларида апрел ойи фючерс шартномаларида бир баррел нефт нархи 108 долларни, Ню Йорк биржасида 107 доллар 83 сентни ташкил қилди.

Теҳроннинг ядровий дастури борасида Эронга босимни кучайтириш мақсадида Европа Иттифоқи 1 июлдан бошлаб Эрон нефтига эмбарго жорий қилган.

Бунга жавобан 19 феврал куни Эрон Нефт вазирлиги Британия ва Франция ширкатларига нефт сотишни тўхтатгани, аммо “бошқа мижозларга” нефт етказишни давом эттишини эълон қилган.

Теҳрон ўзининг ядровий дастури фақат тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда.