Сурия: Баба Амрдан ярадорлар эвакуация қилинди

Ҳомс шаҳрининг Баба Амр мавзеси, 2012 йил, 22 феврал.

Халқаро қизил хоч ташкилоти Суриянинг Ҳомс шаҳридаги Баба Амр мавзесидан 27 нафар ярадорни жума куни эвакуация қилди.

Бу Сурия армияси артиллерияси бир неча кундан бери ўққа тутаётган мавзедан ярадорларнинг илк бор эвакуация қилинишидир.

Халқаро ташкилот Баба Амрда яраланган Франциянинг Le Figaro нашри мухбири Эдит Бавиер ва Британиянинг Sunday Times газетаси фотографи Пол Конвой эвакуация қилинганлар орасида йўқлигини ва улар ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Халқаро қизил хоч ташкилоти матбуот вакили Карла Хаддад ярадордар эвакуация қилинганини “олдинга ташланган дастлабки қадам” дея атади.