Атамбаев: Қирғизистон халқи Путинни ҳурмат қилади ва севади

Қирғизистон Президенти А.Атамбаев (ч) ва Россия Бош вазири В.Путин, Москва, 2012 йил 24 феврал.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев 25 феврал куни Москвага расмий ташрифи чоғида Қирғизистон халқи Россия Бош вазири Владимир Путинни ҳурмат қилиши ва севишини айтди.

“Голос России” радиосига берган интервюсида Атамбаев, Қирғизистоннинг Россия билан алоқаларни мустакамлашдан “бошқа чораси йўқ” чунки “биз тарихий ришталар билан боғланганмиз”, деди.

Атамбаев яна, “Қирғизистонда Путинга муносабат ўзгача эканини яширмайман. Қирғизистон халқи уни жуда ҳурмат қилади ва хатто севади” деб айтишим мумкин, деди.

Атамбаевнинг Россияга ташрифи арафасида Қирғизистон Молия вазири Акилбек Жапаров Қирғизистон президентининг Москвага сафаридан кўзланган мақсадлардан бири Россия етакчилигида МДҲ давлатлари ўртасида тузилган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида 107 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олишдан иборат эканини маълум қилганди.

24 феврал куни Алмазбек Атамбаев Россия Президенти Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин билан учрашди.