Афғонистон: АҚШ зобитларини отган қотил қидирилмоқда

Афғонистон полицияси АҚШнинг икки зобитини отиб ўлдирганликда гумон қилинаётган разведка хизмати ходимини қидирмоқда.

НАТО кучлари сафида хизмат қилган икки америкалик маслаҳатчи 25 феврал куни Кобулдаги Афғонистон Ички ишлар вазирлиги биносида отиб ўлдирилган эди.

Исми ошкор этилмаган Афғонистон расмийсига асосланиб ББС ва Франс пресс ахборот агентлигининг хабар қилишича, қотиллик содир этилганидан кейин ғойиб бўлган Ички ишлар вазирлигининг разведка департаменти зобити, 25 яшар Абдул Сабур асосий гумондор сифатида қидирувга берилган.

Шанба кунги воқеадан сўнг НАТО Афғонистон ҳукумати идораларидаги ўзининг ҳамма маслаҳатчилари чақиртириб олинишини билдирган.

Ички ишлар вазирлигидаги қотиллик учун масъулиятни толиблар ўз зиммасига олди.

Улар НАТО базасида муқаддас Қуръон китоби насхалари ёқилгани учун ўч олиш мақсадида шундай қилинганини билдирди.