Германия Грецияга ёрдам дастурини тасдиқлади

Германия парламенти Грецияга 130 миллиард евролик навбатдаги молиявий ёрдамни бериш режасини тасдиқлади. Аввалроқ Европа Иттифоқи мазкур режани маъқуллаган эди.

Грецияга берилажак молиявий ёрдамларнинг катта улуши Германия гарданига тушади.

Гарчи, Германия парламентида мазкур режа кўпчилик депутатлар тарафидан маъқулланган эса-да, унинг муваффақиятига шубҳа билан қараётганлар ҳам бор.

Яқинда Германия ички ишлар вазири Ханс-Петер Фридрих Европа Иттифоқи учун ҳам расмий Афина учун ҳам Грециянинг евро ҳудуддан чиққани дуруст бўлар эди, деб таъкидлаганди.

Душанба куни Standart&Poor’s агентлиги Греция каби қарзга ботган мамлакатларга ёрдам бериш учун тузилган Европа барқарорлаштириш жамғармаси рейтингини туширди.

Грецияга ёрдам кўрсатилмаса, келаси ойда бу мамлакатда дефолт юз бериши мумкинлиги башорат қилинган.

Европа Иттифоқи Афина расмийларига давлат ҳаражатлари қисқартиришни ёрдам кўрсатишнинг асосий шарти қилиб белгилаган.

Давлат бюджети ҳаражатлари қисқартирилаётгани Грецияда аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.