ЕИ давлатлари Белорусдан элчиларини чақиртирмоқда

Европа Иттифоқи давлатлари Белорусдаги ўз элчиларини чақиртириб олмоқда.

Аввалроқ расмий Минск ЕИ санкцияларига жавобан шу санкцияларни ишлаб чиқишда қатнашган ғарб расмийларининг Белорусга киришини тақиқлаб қўйганини билдирган эди.

“Белорусдаги ЕИ ваколатхонаси раҳбари ҳамда Полша элчисига ўз мамлакатига чиқиб кетиш ва ўз раҳбариятига Белорус томонининг босим ва санкциялар борасидаги қатъий позициясини етказиш сўралди. Агар Белорусга нисбатан босимлар давом этса ўз манфаатларимиз ҳимояси йўлида бошқа чоралар ҳам кўрилади”, - деди Белорус Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Андрей Савиних.

ЕИ вакили ва Полша элчиси Белорусдан чиқариб юборилганига жавобан Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлатлар ҳам ўз элчиларини Минскдан чақиртириб олишга киришган.

Кузатувчиларга кўра, бу Белорус ва ЕИ ўртасидаги муносабатлар энг ёмон даражага тушганидан далолатдир.

Белорусда мухолифат фаолларига нисбатан қатағонларнинг давом этаётганига жавобан Европа Иттифоқи яна 21 нафар белорус амалдорининг ЕИ мамлакатларига киришини тақиқлади, уларнинг банк ҳисоб рақамларини музлатган эди.