БМТ: Сурияда зўравонлик қурбонлари сони 7500дан ошди

Сурияда Башар Ассад тузумига қарши қўзғолонлар бошланган ўтган йилнинг март ойидан буён давом этаётган қуролли тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони етти ярим мингдан ошди.

БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича муовини Линн Паско кеча Хавфсизлик Кенгашида қилган маърузасида бу ҳақда таъкидлади.

Жаноб Пасконинг қайд этишича, ҳозир Сурияда ҳар куни юздан ортиқ одам нобуд бўлаётгани ҳақда ишонарли маълумотлар бор.

- Сўнгги бир йил ичида эса 200 минггача одам Сурияда қочқинликка юз тутган, 25 минг суриялик ўзга юртларга қочиб, жон сақламоқда, - деди Паско.

Рўй бераётган зўравонликларга қарамасдан, президент Ассад 26 феврал куни Сурия конституцияси бўйича референдум ўтказди.

Дамашқ расмийлари сайловчиларнинг қарийб тўқсон фоизи мамлакатда кўп партияли тизимни барпо этишга йўл очувчи конституциявий ўзгаришларни ёқлаб овоз берган.

Бироқ Сурия мухолифати референдумни бойқот қилган.