Пхенян ядровий фаолиятини тўхтатишга рози бўлган

АҚШ Давлат департаменти расмийларига кўра, Шимолий Корея уранни тўйинтириш ишларини тўхтатиш ва ядровий синовлар, жумладан узоқ масофага учувчи ракеталар синовига қўйилган мораторий талабларини бажаришга розилик берган.

Шунингдек, расмий Пхенян Халқаро атом агентлиги инспекторларини мамлакатда қабул қилишга тайёр эканини билдирган.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Шимолий Кореянинг ушбу қадамини ижобий баҳолади.

-Ким Чен Ир ўлими муносабати билан мен Шимолий Кореянинг янги раҳбарияти тинчлик йўлидан бориши ва ўз мажбуриятларини бажаришига умид билдирган эдим. Ҳозирги янгиликни тўғри йўл томон ташланган камтарона қадам дейиш мумкин, -деди Клинтон.

Вашингтон ва Пхенян вакиллари яқин кунларда учрашиб, Шимолий Кореяга 240 минг тонна озиқ-овқат етказиш масаласини мухокама этишлари кутилмоқда.

Бу билан боғлиқ музокаралар феврал ойида Хитой пойтахти Пекин шаҳрида бошланган эди.