Путин: норозиликлар мени янада кучли номзод қилди

Россия Бош вазири Владимир Путин якшанба куни ўтказиладиган президент сайловида ғалаба қозонишига ишончи комил экани ва ўзига қарши давом этаётган норозиликлар уни янада кучли номзод қилишини баён қилди.

Москвада хориж журналистлари саволларига жавоб берган Путин декабр ойидаги Дума сайловидан кейин сайлов натижалари соҳталаштирилгани ҳақида тарқатилган хабарлар уни халқ хоҳиш-иродасига “фаол жавоб бериш”га ундаганини ва норозиликлар “Россия учун жуда яхши тажриба” бўлганини урғулади.

Бироқ бош вазир декабр ойидаги сайлов қайта ўтказилиши ҳақидаги мухолифат талабини бажаришни рад қилди.

Владимир Путин Россия президенти лавозимини тарк этаётган Дмитрий Медведевни бош вазир лавозимига номзод қилиб кўрсатмоқчи эканини яна бир марта такрорлади.

Медведев 2008 йилда Путиннинг ўрнига президент этиб сайланган эди.