Россияда президент сайлови давом этмоқда

Президентликка номзод Бош вазири В.Путин Москвадаги сайлов участкаларидан бирида овоз бермоқда.

Россияликлар мамлакат бўйлаб ташкил этилган 90 мингдан ортиқ сайлов участкасининг ҳаммасида овоз бердилар.

Президент лавозимига асосий даъвогар экан айтилаётган Бош вазир Владимир Путин Москвадаги сайлов участкаларидан бирида овоз берганидан сўнг журналистларга буларни айтди.

- Президент сайлови энг муҳим ички сиёсий воқеа эканини ҳаммамиз биламиз. Мамлакат президенти иқтисодий сиёсат, шунингдек, маориф, соғлиқни сақлаш ва демография билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун масъул шахсдир, - деди В.Путин.

Президент сайловини партиялар, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячиларидан иборат 500 мингдан зиёд маҳаллий кузатувчилар, шунингдек, 685 нафар халқаро кузатувчи ҳам кузатяпти.

Улар айрим сайлов участкаларида қонунбузарликларга йўл қўйилаётгани, жумладан, бир гуруҳ одамларнинг бир неча сайлов участкасига бориб овоз бераётгани (“карусель”) ҳақида хабар қилдилар.

Россия Коммунистик партияси йўлбошчиси, президентликка номзодлардан бири Геннадий Зюганов бундай воқеалар бўлгани ҳақида дадиллар борлигини айтди.

- Москвадаги айрим сайлов участкаларида “карусел” уюштирилган. Бизнинг тизим яхши иш олиб бораяпти. Сайлов натижаларини соҳталаштиришга уринаётган қаллоблар учун бу гал анча қийин бўлади деб ўйлайман, - деди Г.Зюганов.

“Голос” уюшмаси сайлов жараёнида уч мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳоллари кузатилганини маълум қилди.

Марказий сайлов комиссияси қонунбузарлик тўғрисида атиги 86та шикоят тушганини билдирди. МСК маълумотига кўра, Москва вақти билан соат 17 га қадар сайловчиларнинг 47 фоиздан кўпи овоз бериб бўлган.

Россиядаги президент сайлови куни хавфсизлик чоралари ҳам кучайтирилди. Мамлакат бўйлаб тартибни сақлаш учун 450 мингга яқин полиция ва Ички қўшин ҳарбийлари жалб қилинган.