Конгодаги портлаш қурбонлари сони 206 кишига етди

Конго республикасининг Баззавил шаҳридаги армия омборида юз берган портлаш натижасида камида 206 киши ўлгани айтилмоқда.

Расмийлар берган маълумотларга кўра, ён-атрофда кўплаб биноларга шикаст етган ва шу боис қурбонлар сони яна ортиши мумкин.

Хусусан Конгодаги ғарблик дипломатнинг France-Presseга айтишича, ҳодисада ҳалок бўлганлар сони бир ярим минг кишига етиши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Омбор яқинида президент саройи ҳам бор эди. Аммо, ҳодиса содир бўлган чоғда президент саройда бўлмагани айтилди.

Ҳодисадан жароҳатланганлар сони юзлабдир. Улар орасида омбор яқинидаги бинолардан бирида қурувчилик қилаётган хитойлик фуқаролар ҳам бор.

Франция ҳукумати тезкор кучлари ва гуманитар ёрдам жўнатганини маълум қилди.

Конго Мудофаа вазирлиги маҳаллий телеканаллардан бири орқали берган баёнотга кўра, портлашга харбий базада чиққан ëнғин сабаб бўлган.