Афғонистон ва АҚШ қамоқхоналар бўйича келишувга эришди

Афғонистон ва Ғарб расмийлари АҚШ назоратидаги қамоқхоналарни Афғонистон ҳукумати ихтиёрига топшириш ҳақида келишувга эришди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги шу ҳақдаги англашинув меморандуми жума куни кечки пайт Кобулда имзоланиши кутилаётганини билдирди.

Баёнотда келишув тафсилоти ҳақида бошқа маълумот берилмаган. АҚШ назоратидаги қамоқхоналарнинг Кобул ҳукумати ихтиёрига топширилиши масаласи АҚШ ва Афғонистон ўртасида узоқ муддатга мўлжалланган стратегик ҳамкорлик шартномаси имзолаш бўйича олиб борилаётган музокараларда асосий муаммолардан бири бўлиб келаётган эди.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай анча вақтдан бери АҚШ назоратидаги қамоқхоналарда сақланаётган барча маҳбуслар Афғонистон ҳукуматига топширилишини талаб қилиб келаётган эди.

Яқинда АҚШ маҳбусларни олти ой ичида Афғонистон ҳукумати ихтиёрига топширишни таклиф қилди.