Москвада ўнга яқин намойишчи қўлга олинди

Россия Бош вазири Владимир Путин 4 март кунги президент сайловида ғолиб чиққанига қарши 10 март куни Москвада норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Ҳукумат мухолифатга Новый Арбат майдонида 50 минг кишилик намойиш ўтказишга рухсат берган.

Россия полицияси маълумотига кўра, намойишда “қарийб 10 минг одам” иштирок этган.

Бошқа хабарларга кўра, уч соатча давом этган норозилик акциясида 25 - 30 минг одам қатнашган.

Норозилик акцияси давомида ўнга яқин одам қўлга олингани хабар қилинди.

Улар орасида Пушкин майдони томон рухсат этилмаган юриш ўтказишга уринган “Сўл фронт” ҳаракати мувофиқлаштирувчиси Сергей Удалцов ҳам бор.

Озодлик мухбирига кўра, “Ҳалол сайловлар учун” шиори остида ўтказилган Новый Арбатдаги намойишда турли соҳада фаолият юритаётган одамлар иштирок этган.