БМТда Сурия можароси муҳокама этилмоқда

Бугун БМТнинг Ню Йоркдаги бош қароргоҳида дунëдаги етакчи давлат ташқи ишлар вазирлари Сурия можаросига қандай муносабат кўрсатиш борасида мавжуд зиддиятлар юзасидан сўзлашув бошладилар.

БМТ ва Араб лигаси давлатлари томонидан Сурия можароси юзасидан махсус элчи қилиб тайинланган собиқ бош котиб Кофи Аннан Дамашқдаги музокараларда ҳеч бир натижага эришмасдан қайтди.

Бугунги БМТ йиғинида ўз сафарига оид ҳисоб берган Аннан¸ Башар ал-Ассад ҳукуматининг исëнчиларга қарши ўт очишни тўхтатиш сўровини яна рад этганини қоралади:

- Сурия ҳукумати ўз халқини ҳимоя қилиш масъулиятини бажаришни эплай олмади ва бунинг ўрнига қатор шаҳарлардаги ўз фуқароларига қарши ҳарбий ҳужум ва асоссиз куч қўллашни давом эттирмоқда. Бундай уятсиз амалиëтлар давом этаëтир¸ деди Кофи Аннан.

Ўз чиқишида БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилган Кофи Аннан¸ Сурияни катта фалокат ëқасидан қайтариб¸ халққа қарши ҳукумат зўравонликларини тўхтатиш борасида якдил бўлишга чақирди.

Бугунги учрашув доирасида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг алоҳида музокара ўтказишлари кутилмоқда.
Суриянинг анъанавий иттифоқчиси бўлган Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурияга оид резолюциясига вето қўйиб келмоқда.