RSF: Ўзбекистон яна “Интернет душманлари” рўйхатида

Маркази Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 12 март куни жаҳондаги "Интернет душманлари" рўйхатини эълон қилди.

Ҳар йили Интернет цензурасига қарши кураш куни - 12 мартда эълон қилинадиган бу рўйхатдан Ўзбекистон яна жой олди.

2012 йилги Интернет душманлари рўйхатига Ўзбекистондан ташқари Баҳрейн¸ Беларус¸ Бирма¸ Хитой¸ Куба¸ Эрон¸ Шимолий Корея¸ Саудий Арабистони¸ Сурия¸ Туркманистон ва Въетнам каби 12 давлат киритилган.

2011 йилда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги араб давлатларидаги халқ исëнининг ижтимоий тармоқлар орқали мувофиқлаштирилганидан қўрққан бу давлатлар¸ хусусан Ўзбекистон¸ Интернет устидан назоратни¸ фаол Интернет фойдаланувчиларни таъқиб қилишни янада кучайтирди¸ дейилади Чегара билмас мухбирлар ташкилоти баëнотида.

Ташкилотга кўра¸ ўтган бир йил давомида Ўзбекистон ҳукумати Интернетдаги мустақил ва мухолиф саҳифаларни тўсишда аввалги йилларданда фаоллашган. Бунинг оқибатида йил давомида ҳатто 2011 йилга қадар тўсиқсиз келган Regnum ва Lenta.ru каби Россия¸ AP, Reuters ва AFP каби айрим халқаро ахборот агентликлари саҳифалари ҳам тўсиб қўйилган.