Сурияда яна портлаш. Икки киши ҳалок бўлди

Суриянинг Алеппо шаҳрида машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида камида икки киши ҳалок бўлиб, 30 га яқин одам жароҳатланди.

Расмийлар портлаш учун террорчиларни айблади. Расмийларнинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг бири полициячи ва яна бири аёлдир.

Бир кун аввал Дамашқдаги хавфсизлик хизмати биноси олдида бомба ўрнатилган иккита машина портлаши оқибатида 27 киши ҳалок бўлган эди.

Мухолифатдаги Сурия миллий кенгаши портлашларни ҳукумат атайлаб ўз фуқароларини қўрқитиш ҳамда гўёки Сурия Ал-Қоида таҳдиди остида қолганини намойиш қилиш учун уюштирганини таъкидлаб, халқаро текширув ўтказишга чақирди.