Лавров: Эрон ҳужумга учраса, ядровий қурол ясаши мумкин

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланса, Теҳрон ядровий қурол ясаши мумкинлигидан огоҳлантирди. Сешанба куни қилган чиқишида Лавров Теҳрон ҳозирча ядвройи қурол ясаш бўйича “сиёсий қарор” берганига оид ишоралар йўқ, лекин ҳужумга учраса бундай қарорга келиши шубҳасиздир, дея таъкидлади.

Россия радиостанциясига берган интервьюсида Лавров шунингдек, Исроилни йўқ қилиш билан таҳдид қилгани учун Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажодни танқид қилди. “Бу мутлақ қабул қилиб бўлмайдиган баёнот”, деди Россия дипломати.

Лавров шунингдек, Москва АҚШнинг 2014 йилда Афғонистонда ўз қўшинларини олиб чиққандан кейин ҳам Марказий Осиёда ҳарбий базаларини сақлаб қолиш режаларидан ташвишда эканини қўшимча қилди. “Бу ҳарбий ҳозирликнинг мақсади нима эканни билишни истар эдик”, деди Лавров ва “бундай базалар учинчи давлатларга қарши ишлатилиши мумкинлигини” қўшимча қилди.