Франция: Муҳаммад Мераҳ ҳалок бўлди

Тулузда Мераҳ яширинган уй икки кун давомида полиция қамалида бўлди.

Тулуздаги қотилликларда айбланаётган Муҳаммад Мераҳ яширинган уйига полиция ҳужум қилган пайти ҳалок бўлган.

Франция Ички ишлар вазири Клод Геант маълумотига кўра, полиция ҳужуми пайти Мераҳ ўт очган, кейин деразадан сакраб қочишга ҳаракат қилганида ҳалок бўлган.

Дастлаб Мераҳ таслим бўлишга розилик бергани, лекин кутилмаганда сўзидан қайтгани айтилди.

Келиб чиқиши жазоирлик бўлган Франция фуқароси 24 ёшли Мераҳ Тулуз шаҳрида ўтган ҳафта уч француз аскари ва 19 март куни яҳудий мактаби олида тўрт кишини ўлдирганига иқрор бўлган эди.

Мераҳ ўз ҳаракатларини француз ҳарбийларининг мусулмон давлатларидаги аралашуви ва Фаластин халқининг қийналаётгани учун қасос олиш нияти билан изоҳлаган.

Франция расмийлари Мераҳнинг Ал-Қоидага алоқаси борлиги ҳамда Афғонистон ва Покистонда тайёргарликдан ўтганлигини айтган.