Халқаро чақирувлар Суриядаги вазиятга таъсир қилмади

Сурия мухолифатига кўра, пайшанба куни мамлакат бўйлаб зўравонликлар давом этган. Бир кун аввал БМТ Хавфсизлик кенгаши барча томонларни жангларни тўхтатиб, бир йилдан бери давом этаётган бўҳронни музокара орқали ҳал этишга чақирган эди.

Халқаро ҳамжамият чақируви Суриядаги вазиятга деярли таъсир қилмади. Мухолифат фаолларининг маълум қилишича, норозиликлар маркази бўлиб қолаётган Ҳама шаҳрида исёнчилар ва президент Башар ал-Ассад тарафидаги кучлар ўртасидаги жанглардан кейин, ҳукумат танклари шаҳарни ўққа тутган.

Венага сафар қилган Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довут Ўғли Суриядаги “инсоний фожиани” тўхтатиш учун халқаро ҳамжамиятни ҳаракат қилишга чақириб, “чақирувлар билангина чекланиб қолиш бесамардир”, деди.

Айни пайтда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари бугун президент Башар ал-Ассаднинг рафиқаси ва бошқа оила аъзоларига нисбатан виза чеклови жорий қилиб, уларга қарашли банк ҳисоб рақамларини музлатиб қўйишга қаратилган чораларни қабул қилиши кутилмоқда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ал-Ассад режимига қарши бир йил аввал бошланган исён натижасида Сурияда 8 мингдан ортиқ одам ўлдирилган.